Vazirlik haqida

22/02/2019 - 11:53 32498

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.01.2019 йилдаги ПФ-5621-сон Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилган ва қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгиланган:

  • макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш асосида иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳолати, ташқи бозорлари конъюнктураси ҳамда глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ ҳолда иқтисодиёт асосий соҳаларини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш;
  • хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва «хуфёна» иқтисодиёт улушини қисқартириш учун қулай шароит яратиш, жумладан иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини қисқартириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, молиявий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, шунингдек кичик саноат зоналари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали бунга эришиш;
  • миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни, шунингдек ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш уйғунлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида мамлакат саноатини ривожлантириш стратегияларини (моделларини) ишлаб чиқиш;
  • инновация ишланмалари ва технологияларини жорий қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлов бериш тармоқларини жадал ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматли тайёр рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосида товар бозорлари мувозанатини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган саноат сиёсатини амалга ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида унинг импортга қарамлигини камайтириш орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш; шунингдек республика ҳудудлари ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш;
  • урбанизация соҳасида давлат сиёсатини кучайтириш, ишлаб чиқаришларни оқилона жойлаштириш, турар жойларни муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан биргаликда қуришни инобатга олган ҳолда урбанизация жараёнларини давлат томонидан самарали тартибга солишни таъминлаш, шунингдек ер участкаларига оид замонавий бозор механизмларини жорий этиш;
  • барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш соҳалари ва тармоқларини аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
  • миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг рақобатдошлигини оширишнинг асосий ресурслари ва омилларидан бири сифатида инсон капиталининг даражаси ва сифатини, устувор равишда қишлоқ жойларида, яхшилаш бўйича комплекс таҳлил олиб бориш ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
  • иқтисодиёт органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилишини таъминлаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, вазирлик аппарати ва унинг таркибий бўлинмаларининг, устувор равишда ўзига бириктирилган соҳадаги аниқ натижаларга эришиш, олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши учун ходимларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга йўналтирилган иш шакллари ва усулларини такомиллаштириш;
  • Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда кўмаклашиш, мамлакатни ривожлантириш давлат дастурлари ва инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш доирасидаги лойиҳаларни, уларнинг лойиҳа олди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини, техник топшириқларни экспертизадан ўтказиш бўйича идоралараро комплекс тизимини ташкил қилиш.
  • ҳудудларда саноатни ривожлантириш бўйича аниқ мақсадга қаратилган ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда ушбу дастурларни вазирликлар ва идоралар томонидан амалга оширилишини мувофиқлаштириш;
  • ҳудудларга тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича белгиланган дастурлар асосида импорт ўрнини босувчи ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш, саноатни модернизация ва диверсификация қилиш ҳамда ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;
  • ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалиги экинларини мақбул жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини таркибий жиҳатдан ўзгартириш, уруғчилик ва селекция ишларини ривожлантириш, замонавий агротехнологияларни ва сувдан тежамкор фойдаланиш усулларини жорий этиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш юзасидан мутасадди вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар томонидан олиб борилаётган ишларда бевосита иштирок этиш;
  • кластер асосида хом ашёни, шу жумладан пахта, мева-сабзавот, паррандачилик, балиқчилик ва гўшт-сут маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича қўшимча чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • ҳудудларда муҳандислик, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш, уй-жой коммунал хизматлар кўрсатиш даражаси ва сифатини тубдан янгилаш, санитария тизимларини яхшилаш ва аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ишларини мувофиқлаштириш;
  • ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ортда қолаётган туман ва шаҳарларда саноат ва хизмат кўрсатишни ривожлантириш, уларнинг табиий бойликлари, географик жойлашуви, меҳнат ресурслари ва бошқа салоҳиятидан самарали фойдаланилишини ҳамда бу борада комплекс дастурларнинг амалга оширилишини таъминлаш;
  • аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, шу жумладан ҳудудларда ишсиз аҳолини, айниқса, ёшларни доимий меҳнатга жалб этиш, турмуш даражаси ва сифатини ошириш, яшаш шароитларини яхшилаш, тиббиёт, таълим ва хизмат кўрсатиш соҳаларини ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни мувофиқлаштириш.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси инвестиция сиёсатининг стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланган.