2021 йил 1-чоракда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш кўрсаткичлари
22/04/2021 - 18:02 4326
Республикада 2021 йил 1-чоракда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 29,9 трлн.сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 103,1 фоизга ўсган.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда деҳқон хўжаликларининг улуши 88,9 фоиз (ўсиш 103,1%), фермер хўжаликлари
7,1 фоиз (103,6%) ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар 4,0 фоиз (103,3%) улушга эга.
Шу билан бирга, ялпи қишлоқ хўжалиги таркибида деҳқончилик маҳсулотларининг улуши 5,9 фоизни, чорвачилик маҳсулотлари 88,0 фоизни ҳамда овчилик хизмати, ўрмон ва балиқ хўжалиги 6,1 фоизни ташкил этган.
Ҳисобот даврида деҳқончилик маҳсулотларидан 65,7 минг тонна сабзавот (ўсиш суръати 101,7%) етиштирилди. Шунингдек, чорвачилик маҳсулотларидан 493,2 минг тонна гўшт (103,5%), 1823,3 минг тонна сут (102,6%), 1374,4 млн.дона тухум (100,2%), 404,6 минг дона қоракўл териси (101,0%) ишлаб чиқарилди.
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмида Самарқанд ва Тошкент вилоятларининг улуши юқори бўлиб, республика кўрсаткичидаги хиссаси 13,0 фоизни, Бухоро, Фарғона, Хоразм, Андижон, Қашқадарё вилоятлари 8,0-8,9 фоизни ташкил этмоқда. Шунингдек, Наманган (6,4%), Навоий (5,3%), Сирдарё (3,1%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг (3,2%) улуши бошқа ҳудудларга нисбатан паст улушга эга.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Aхборот хизмати