Ўзбекистонда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари тўғрисида
01/06/2021 - 09:51 3706
Мамлакатда ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш, иқтисодий ривожланиш жараёнларидан аҳолининг барча қатламларини, шу жумладан кам таъминланган аҳолининг манфаатдорлигини ошириш, хусусан камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларнинг манзиллилигини таъминлаш мақсадларини инобатга олиб, халқаро тажрибадан фойдаланган ҳолда минимал истеъмол харажатлари қийматининг дастлабки ҳисоб-китоблари амалга оширилди.
Мазкур кўрсаткични ҳисоблашда:
· давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш учун мўлжал кўрсаткични жорий этиш;
· минимал истеъмол харажатларидан камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
· камбағаликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзилилигини ошириш, шунингдек уларнинг доимий мониторингини юритиш;
Ушбу мақсадлардан келиб чиқиб, минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш учун тажриба сифатида Жаҳон банки кўмагида 2020 йилда республиканинг барча ҳудудларидан танлаб олинган 5 400 та уй хўжаликларида сўровнома ўтказилди.
Бунда сўровномада иштирок этган уй хўжаликлари харажатлари миқдори бўйича ўнта гуруҳга ажратилиб, ушбу оилалар орасидан энг кам харажат (даромад)га эга бўлган 30 фоиз уй хўжаликлари ажратиб олинди.
Сўровнома натижасида олинган маълумотлар асосида мазкур оилаларда жон бошига кунлик истеъмол қилинадиган озиқ-овқат (2200 ккал) ва зарур бўлган ноозиқ-овқат товарлар ҳамда хизматлар учун минимал истеъмол харажатлар бир ойда киши бошига (жорий йилдаги нархлар ўзгаришини инобатга олган ҳолда) камида 440 минг сўмни ташкил этиши ҳисоб-китоб қилинди.
Ҳисобланган минимал истеъмол харажатларининг жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотга нисбати (ЯИМ) 26,8 фоиз бўлиб, мазкур кўрсаткич ривожланаётган мамлакатларда асосан 4-20 фоизни ташкил этади.
Минимал истеъмол харажатларини ҳисоблаш тажрибасини якунига етказиш мақсадида 2021 йилда Давлат статистика қўмитаси Жаҳон банки билан бирга 10 мингта уй хўжаликларида сўровнома ўтказилмоқда. Мазкур сўровномалар натижасидан келиб чиқиб, жорий йил якунига қадар минимал истеъмол харажатларни ҳисоблаш методологиясини тасдиқлаш ва уни қайта ҳисобланган миқдорини эълон қилиш кўзда тутилмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Ахборот хизмати