Ўзбекистон Республикасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот
22/06/2021 - 22:49 4944
Ўзбекистон Республикасида яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар қуйидаги 5 бўлимлардан иборат:
1. Хорижий мамлакатлар тажрибалари ўрганилди.
Натижада яширин иқтисодиётнинг хорижий мамлакатларда кенг тарқалган жамиятга ва давлатга салбий таъсири аниқлаб олинди ва улар:
· Рақобат муҳитининг бузилиши ва шаффоф эмаслиги;
· Маҳсулотлар сифати ва миқдорининг пасайиши;
· Давлат бюджетига тушадиган солиқ тушумларининг камайиши;
· Ижтимоий ва иқтисодий институтларни қўллаб-қувватлаш учун солиқ юкини оширилиши;
· Иқтисодий ўсишнинг сустлашишидан иборат бўлди.
Шу билан бирга, Яширин иқтисодиётни баҳолашнинг хорижий мамлакатларда кенг тарқалган ва кўп қўлланиладиган усуллари ўрганилди ва икки тоифага бўлиниб олинди: бевосита ва билвосита. Бевосита усуллар тўғридан тўғри кузатувлар асосида ва солиқ текширувлари орқали амалга оширилган бўлса, билвосита усуллар эса транзакцион метод, валютага бўлган
талаб методи, энергия сарфи истеъмоли методи, харажатлар ва даромад статистикалари ўртасидаги фарқ, расмий ва ҳақиқий ишчи кучи ўртасидаги фарқ ва MIMIC моделидан иборат.
2. Биринчи даражада амалга оширилган ишлар.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6098-сонли Фармони бўйича қуйидаги соҳаларга енгилликлар берилди:
· Қурилиш корхоналарига;
· Умумий овқатланиш корхоналарига;
· Риэлторлик фаолияти билан шуғулланувчиларга.
Бундан ташқари Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат статистика қўмитаси ташкил топган комиссиялар ва таркибий тузилмалар ташкил этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
394-сонли Қарорига асосан, иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларида рақамли технологияларни кенг жорий этиш, иқтисодиётда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажмини ошириш, банк хизматларининг оммабоплигини ошириш, «Яширин иқтисодиёт» субъектларини аниқлаш механизмларини такомиллаштириш, ташқи савдода «яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш бўйича самарали тизимни жорий этиш ва «Яширин иқтисодиёт» улушини қисқартириш бўйича кенг тарғибот-ташвиқот ишларини ташкил қилиш вазифалари белгилаб олинди.
3. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар.
Жахон банки экспертлари билан ҳамкорликда “2021-2025 йилларда яширин иқтисодиёт улушини қисқартириш бўйича Стратегия” ва “Яширин иқтисодиёт улушини баҳолаш методикаси” (MIMIC модели асосида) каби лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 январдаги 1 сонли қарорига асосан, корхоналарни текширишнинг автоматлаштирилган тизими жорий қилиш, текширишнинг турлари бўйича тартибни белгилаш ва “Шубхали” корхоналар таҳлили билан шуғулланиш вазифалари белгиланиб олинди. Шунингдек, вазирлик ва идоралар томонидан яширин иқтисодиёт улуши юқори бўлган соҳалар таҳлили, амалдаги имтиёзлар ва преференцияларни бекор қилиш, “Risk analysis” дастурининг амалиётга жорий этилиши, кузатувлар асосида баҳолашнинг дастлабки натижалари, яширин иқтисодиётни саноат бўйича баҳолаш, “пулни ювиш” ва ноқонуний пул оқимларига қарши кураш чоралари, “Чеклар” бўйича совринли ўйинлар ва монетар методда яширин иқтисодиётни баҳолаш ишлари амалга оширидмоқда.
4. Иқтисодий тараққиёт вазирлиги томонидан амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар
Ҳалқаро ташкилотлар ҳамкорлигида узоқ муддатли концепциясини ва баҳолаш методикасини ишлаб чиқиш, статистик ҳисоботларни қайта кўриб чиқиш ва макро кўрсаткичларда яширин иқтисодиёт улушини қамраб олиш режалаштирилмоқда.
Вазирлик ва идоралар билан биргаликда нақд пулсиз ҳисоб китоблар тизимини ривожлантириш, солиқ солиш тизимини соддалаштириш ва солиқ юкининг тенглигини таъминлаш, рақобат муҳитини яхшилаш ва бозорларни эркинлаштириш ва бюджет шаффофлигини таъминлаш ва фуқароларнинг хабардорлигини ошириш режалаштирилмоқда.
5. Яширин иқтисодиёт бўйича кўрсаткичлар.
Таҳлиллар ва ўрганишлар асосида, жахон мамлакатлари бўйича яширин иқтисодиёт кўрсаткичлари АҚШда 8,0%, Бразилияда 36,5%, Испанияда 21,7%, Италияда 19,5%, Португалияда 18,5%, Кореяда 18,4%, Хитойда 14,5%, Канадада 11,0%, Германияда 10,2%, Буюк Британияда 9,6%, Австралияда 9,0%, Сингапурда 8,6% ва Японияда 8,1%ни ташкил этмоқда.
Жаҳон банкининг ҳисоб-китобларига кўра Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича эса (MIMIC модели асосида ҳисоб китоблар) 2019 йил ҳолатига Ўзбекистонда 52,11%, Тожикистонда 40,76%, Қозоғистонда 36,65% ва Қирғизистонда 30,53% ташқил қилган.
Ушбу таҳлилий материал Яширин иқтисодиётни таҳлил қилиш бошқармаси мутахассислари З. Ахмедов, Р. Бадалов ва М.Ахмедов томонидан Жаҳон банки экспертларининг маълумотларига асосан тайёрланган дастлабки ўрганишлар натижаси сифатида тақдим этилмоқда.