O‘zbekiston Respublikasi Prezidentining “G‘allani yetishtirish va sotishda bozor tamoyilini joriy etishning qo‘shimcha chora-tadbirlari to‘g‘risida” gi qarorga sharh
30/05/2022 - 10:38 2992
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сон ва 2019 йил 14 октябрдаги 866-сон қарорлари билан қолипли нон ва ун нархлари эркинлаштирилган эди. 2019 йилнинг 15 октябридан – 2020 йилнинг 16 апрелига қадар биржа савдоларида 846,3 минг тонна ун ўртача 2 418,8 минг сўмдан сотилди.
Коронавирус пандемияси шароитида ички бозорда озиқ-овқат хавфсизлиги ва нархлар барқарорлигини таъминлаш, барча истеъмолчиларга ун маҳсулотини тизимли ва кафолатли етказиб бериш мақсадида 2020 йил 16 апрелдан, ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиби ўрнатилган.
Ушбу тартиб бугунги кунгача амалда бўлди ва бу вақтинчалик чора ўз вазифасини бажариб бўлди. Қуйидаги ҳолатлар мазкур тартибни сақлаб қолишнинг мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатмоқда:
ички бозорни арзон ун ва нон билан таъминлаш мақсадида буғдой харид нархларини давлат томонидан белгилаш бозор тамойилларига мос эмас ва бу буғдой етиштирувчи хўжаликларнинг буғдой етиштиришдан зарар кўришларига олиб келди;
давлат ресурсларига олинган буғдойдан ишлаб чиқарилган ун ички бозорни тўлиқ таъминлаб бермаслиги сабабли импорт ун ва маҳаллий ун нархлари ўртасидаги катта фарқ маҳаллий унни етказиб бериш занжирида коррупциоген муҳит шаклланишига сабаб бўлди;
арзон ун маҳсулотидан ишлаб чиқарилган қолипли нонни чорва молларини боқишга ишлатиш ҳолатлари мавжуд;
энг муҳими давлат ресурсларига олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулоти арзон нархларда аҳолига тўлиқ етиб бормаяпти ва бу аҳолининг ҳақли норозилигига сабаб бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев, 2022 йил 11 май куни ғаллачилик соҳасидаги ислоҳотларнинг муҳим босқичига бағишлаб ўтказилган йиғилишда, ҳосилдорликни юқори даражага олиб чиқиш ва шу орқали бозорда сотиладиган дон ҳажмини кўпайтириш ҳамда нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли бозор нархларига ўтиш кераклигини таъкидлаб ўтган эдилар.
Юқорида кўрсатилган салбий ҳолатларнинг олдини олиш ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини манзилли қўллаб-қувватлаш ҳамда республикада дон етиштириш ҳажмларини сезиларли даражада ошириш мақсадида мазкур қарор қабул қилинди.
Қарорни қабул қилишнинг асосий мақсади биринчи навбатда ғалла етиштирувчиларнинг, шу жумладан, фермер хўжаликларининг моддий манфаатдорлигини ошириш ва шу асосда ғалла ҳосилдорлиги ва ялпи ҳосил етиштириш ҳажмларини кескин оширишга замин яратишдир. Бу ўз навбатида ички бозорни буғдой ва ун маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга замин яратади ҳамда соҳанинг инвестициявий жозибадорлигини оширади.
Қарорда ғалла бозорини эркинлаштиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Жумладан, 2022 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш Жамғармаси маблағлари ҳисобидан
1 783 минг тонна товар буғдой давлат ресурси сифатида;
266,5 минг тонна буғдой уруғлик сифатида харид қилинади.
Бундан ташқари 500 минг тонна буғдой ғалла етиштирувчилар томонидан июль, август ва сентябрь ойларида биржа савдоларида сотиш учун дон корхоналарига қабул қилинади.
Давлат ресурсларига қабул қилинган буғдой учун Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган нархда ҳисоб-китоб қилинади ва июль-август ойларида шаклланган буғдой нархларидан келиб чиқиб ушбу буғдой учун сентябрь ойида қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Ғалла етиштирувчилар томонидан биржада сотиладиган 500 минг тонна буғдой ва давлат ресурсларига харид қилинган буғдой биржа савдоларида мулкчилик шаклидан қатъи назар, харид қилинган буғдойнинг 75 фоизидан кам бўлмаган миқдордаги ун маҳсулотини сотиш мажбуриятини олган барча ун ишлаб чиқарувчи корхоналарга сотилади.
Бундан ташқари ун ишлаб чиқаришга мос келмаган 4 ва 5 синф буғдой биржа савдоларида ҳеч қандай чекловларсиз барча истеъмолчиларга сотилади.
Шунингдек қарорда, Жамғарма томонидан “Ўздонмаҳсулот” компанияси тизими корхоналарининг биржа савдоларидан дон харид қилиш харажатларини қоплашга 800 млрд. сўмгача кредит ресурсларини тижорат банкларига Марказий банкнинг асосий ставкасида жойлаштириш топширилган.
Қарорда белгиланган чоралар дон ва ун маҳсулотларини тўлиқ бозор нархларида сотиш ва сотиб олишни йўлга қўйилишини таъминлайди. Кимлар бундан манфаатдор бўлади? Бир оғиз билан айтганда, Ҳамма!
Энди бирма-бир тўхтаб ўтамиз.
- республика бўйича 40 мингга яқин хўжалик ғалла етиштириш билан шуғулланади. Ҳар бир фермер хўжалигида ўртача 10 та ишчи меҳнат қилса, фермерларнинг оиласи билан қўшиб ҳисоблаганда 440 мингга яқин оиланинг ёки ҳар оилада ўртача 5 кишидан ҳисоблаганда 2,2 млн. аҳолининг моддий манфаатдорлиги ошади;
- ун ишлаб чиқарувчи барча корхоналар буғдойни биржада сотиб олади ва ишлаб чиқарилган ун маҳсулотини биржада сотади. Ишлаб чиқарувчилар сони етарли даражада кўплиги сабабли ушбу соҳада рақобат муҳити шаклланган. Бу ўз навбатида корхоналарни харажатларни камайтириш ва маҳсулот сифатини ошириш устида ишлашга мажбур этади. Корхона рақобатбардош бўлса унинг даромади ошади. Барчамиз истеъмолчи сифатида бозордан сифатли маҳсулот сотиб олиш имконига эга бўламиз;
буғдой ва ун маҳсулоти биржа орқали сотилиши, ушбу маҳсулотларнинг ҳаракатланиши ва солиқ тушумларининг шаффофлигини таъминлайди. Шунингдек, давлат иқтисодиётга аралашув юкидан халос бўлади.
Дон ва ун маҳсулотлари биржада сотилиши натижасида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг юзага келадиган қўшимча харажатларини қоплашга
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 майдаги 258-сон қарори билан:
а) ёшга доир, ногиронлик пенсияси ва нафақасини олувчиларга, болаликдан ногиронлик нафақасини ҳамда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ва нафақасини олувчи ҳар бир оила аъзосига ҳамда ўзгалар парваришига муҳтож ногиронлиги бўлган 18 ёшгача болаларнинг парваришлаш нафақасини олувчиларга:
Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда — 300 минг сўмдан;
Тошкент шаҳрида — 400 минг сўмдан.
Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳисобидан бошқа органлар орқали пенсия олувчиларга тегишли вазирлик ва идоралар томонидан мазкур банднинг «а» кичик бандида назарда тутилган шартларда ва миқдорларда;
б) «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган сифатида моддий ёрдам олувчи оилаларга ҳамда кам таъминланган сифатида болалар нафақасини олувчи оилаларнинг ҳар бир 18 ёшга тўлмаган боласига — 200 минг сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилиши белгиланди.
Бунда бир нечта тоифа бўйича бир марталик моддий ёрдам олиш ҳуқуқига эга бўлган шахсларга бир марталик моддий ёрдам ҳар бир тоифа бўйича тўлаб берилиши ҳам алоҳида белгилаб қўйилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Ахборот хизмати