Ichki bozorda oziq-ovqat mahsulotlari narxlari barqarorligini ta'minlash bo‘yicha amalga oshirilayotgan ishlar to‘g‘risida

30/04/2021 - 15:55 430

Жорий йилнинг 30 апрель куни Wyndham Tashkent меҳмонхонасида “Республика аҳолисини ижтимоий муҳим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нархлар барқарорлигини сақлаш” мавзусида Электрон оммавий ахборот воситаларининг миллий ассоциацияси ташаббуси билан очиқ мулоқот бўлиб ўтди.

Жаҳонда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг пасайиш тенденцияси 2020 йил май ойидан бошлаб ўсиш тенденциясига ўзгарди ва ҳозирга қадар сақланиб қолмоқда.

Бу ҳолат, 2020 йил март-апрель ойларида дунё бўйлаб глобал пандемиянинг тарқалишини кескин ошиши билан бир вақтда содир бўлди.

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бўлган буғдой, ўсимлик ёғи, шакар, гўшт ва картошка маҳсулотлари бўйича республика ички истеъмол талабини маҳаллий ресурслар ҳисобидан таъминлаш имконияти чекланганлиги сабабли, мазкур маҳсулотлар нархи ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришларга боғлиқ ҳолда шаклланмоқда.

Ушбу маҳсулотларга жаҳон бозоридаги талаб ва таклифнинг ҳолати таҳлилига кўра, буғдой, гўшт ва гуручга бўлган талаб ва таклиф ўртасида мутаносиблик кузатилган бўлса, шакар ва кунгабоқар ёғида талаб ва таклиф ўзига хос ҳаракатланган.

Хусусан, бутун дунёда шакар ишлаб чиқариш ҳажми 3,4 фоизга қисқарган бўлса, импорт ҳажми 6,9 фоизга ошган, кунгабоқар ёғида ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоизга, импорт ҳажми эса 15,6 фоизга қисқарган (1-жадвал).

Натижада, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотига кўра, 2020 йил март 2021 йил февраль даврида озиқ-овқат нархлари индекси 24,6 фоизга,  хусусан бошоқли экинлар 26,5 фоиз, ўсимлик ёғи 86,3 фоиз, шакар 30,1 фоиз ошганлиги кузатилган.

Асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг жаҳон бозоридаги нархининг ошишига таъсир кўрсатувчи муҳим омиллардан яна бири сифатида йирик ишлаб чиқарувчи ва экспортер давлатларнинг миллий валюталарини АҚШ долларига нисбатан мустаҳкамланишини келтириш мумкин.

Халқаро биржаларда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг АҚШ долларида юритилиши инобатга олинса, мазкур ҳолат жаҳон нархларига ўз таъсирини кўрсатади.

Ҳозирги кунда АҚШ доллари индекси (DXY) 2020 йилнинг март ойига нисбатан 4,3 фоизга пасайган бўлса, тегишли даврда Ўзбекистонда АҚШ долларининг миллий валютамизга нисбатан мустаҳкамланганлигини кўриш мумкин (валюта курси 9 518 сўмдан 10 504 сўмга, яъни 10,4 фоизга ошган).

Ушбу ҳолат республикамизга импорт қилинаётган товарлар нархига икки томонлама таъсир кўрсатганлигини алоҳида қайд этиш лозим.

2021 йилнинг январь-март ойларида республикада инфляция даражаси 2,5 фоизни (2020 йилнинг мос даврида -2,8%) ташкил этиб, жумладан озиқ-овқат маҳсулотлари 3,1 фоизга, хусусан, гўшт маҳсулотлари 1,9 фоиз (шу жумладан парранда гўшти -7,3 фоиз), картошка 4,8 фоиз, шакар 5,0 фоизга, ёғ маҳсулотлари 4,7 фоизга ошганлиги кузатилди.

Республикада шакар маҳсулоти тўлалигича импорт хомашёси асосида ишлаб чиқарилмоқда. Шу сабабли, мазкур маҳсулотнинг ички бозордаги нархлари ташқи бозор конъюнктурасидаги ўзгаришларга боғлиқ ҳолда ўзгаришлар кузатилмоқда.

Халқаро товар-хомашё биржасида шакар нархининг 2020 йил декабрь ойидаги 310 доллардан жорий йил январь ойида

335 долларгача кўтарилиши ички бозордаги нархларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди.

Хусусан, ўтган йили декабрь ойида шакарнинг ўртача нархи

7 025 сўмни ташкил этган бўлса, жорий йил январь ойида

7 921 сўмгача, бугунги кунда эса 8 123 сўмгача ошганлиги кузатилмоқда.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан жорий йил январь-25 апрелгача бўлган даврда 164,4 минг тонна шакар хомашёси импорт қилинган ва тайёр шакар маҳсулоти ишлаб чиқариш учун йўналтирилган.

Шунингдек, халқаро трейдерлар билан жорий йил октябрь ойига қадар 356,0 минг тонна шакар хомашёсини етказиб бериш бўйича фьючерс шартномалари имзоланган.  

Жорий йил январь-25апрель даврида қилинган тайёр шакар ҳажми 22,8 минг тонна ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан

67,6 фоизга қисқарган.

Мамлакат истеъмол бозорида ўсимлик ёғига бўлган ўртача йиллик эҳтиёжи (460 минг тонна)нинг ўртача 50 фоиз қисми импорт ҳисобидан қопланади.

2020 йилда кунгабоқар ёғи импорти ҳажми 249 минг тоннани ёки 2019 йилга (234,8 минг тонна) нисбатан 14 минг тоннага кўпроқни ташкил этди. Шунингдек, жорий йилнинг бошидан 21 апрелга қадар

70 минг тонна ёки ўтган йилнинг мос даврига (67 минг тн.) нисбатан

5 фоизга кўп кунгабоқар ёғи импорт қилинган.

Импортнинг 70 фоизи Россия, 24 фоизи Қозоғистон ҳамда

6 фоизи Украина ҳиссасига тўғри келади.

Шу билан бирга, 2019-2020 йилларда жами 395 минг тонна

(ёки йилига ўртача 198 минг тонна) кунгабоқар дони импорт қилиниб, ушбу кўрсаткич 2018 йилга (200 минг тонна) нисбатан деярли ўзгаришсиз қолган. Жорий йил бошидан 25 апрелга қадар маҳаллий корхоналар томонидан 57 минг тонна кунгабоқар дони импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,6 фоизга ошган.

Хусусан, жаҳон биржаларидаги ўсимлик ёғи нархи 2020 йилнинг февраль ойида бир тонна учун ўртача 759 долларни ташкил этган бўлса, жорий йил февраль ойида 1 387 долларгача ошган.

Мамлакатимизда кунгабоқар ёғи нархи ўтган бир йил давомида ўртача 38 фоизга қимматлашган.

Хусусан, Россиядан импорт қилинган бир тонна кунгабоқар ёғи нархи 2020 йил декабрь ойида ўртача 900 долларни ташкил этган бўлса, 2021 йил март ойида 1 250 долларгача ёки 39 фоизга ошди.

Шу билан бирга, Россия ҳукумати томонидан жорий йил

1 сентябрдан бир йил муддатга кунгабоқар ёғини экспорт қилишда бож тўловининг жорий қилиниши кутилмоқда.

Бунда, 1 тонна кунгабоқар ёғи учун базавий нарх 1 000 доллар даражасида белгиланиб, экспорт қилишда ушбу суммадан ошган қисмининг 70 фоизи миқдорида экспорт божи белгиланиши назарда тутилмоқда.

Шунингдек, Россия ҳукумати томонидан жорий йилнинг 1 июлидан бошлаб кунгабоқар дони учун экспорт божини 50 фоизгача лекин

320 евро/тоннадан кам бўлмаган даражагача ошириш режалаштирилмоқда (амалда 30 фоиз, лекин 165 евро/тн. дан кам бўлмаган миқдорда).

АҚШ Қишлоқ хўжалиги департаментининг маълумотларига кўра, 2021 йилда 50 млн.тонна ёки ўтган йилга нисбатан 9,1 фоиз камроқ кунгабоқар дони етиштирилиши кутилмоқда.

Бунинг натижасида ишлаб чиқариладиган кунгабоқар ёғи ҳажми жорий йилда дунё бўйича 19,3 млн.тоннани ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан (21,5 млн.тонна) 10 фоизга қисқариши прогноз қилинмоқда.

Ташқи бозорларда мавжуд рискларни инобатга олган ҳолда ҳамда ёғ-мой корхоналарининг хомашё базасини мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилда  125,3 минг гектар асосий, 21,4 минг гектар лалми ва 58,3 минг гектар такрорий майдонларда мойли экинлар (110 минг гектарга кўп) экилади.

Шу билан бирга, аҳолининг ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжини кафолатли таъминлаш мақсадида республика ҳукумати томонидан жорий йил 1 майдан 31 декабргача бўлган муддатда ўсимлик ўсимлик ёғи ва кунгабоқар уруғи импортига ҳамда ички бозорда реализациясига белгиланган қўшилган қиймат солиғини бекор қилиш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.

Ички бозордаги картошка нархи бўйича тенденциялар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йил бошида 1 кг картошканинг ўртача нархи

4 247 сўмни ташкил этган бўлса, бугунги кунга келиб, унинг нархи

3 000 сўмдан 5 500 сўмгача бўлган оралиқда тебранмоқда.

Жорий йилнинг январь-25 апрель даврида тадбиркорлик субъектлари томонидан жами 211,5 минг тонна картошка импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26,3 фоизга ошган.

Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, картошка нархининг ошиши об-ҳаво шароити туфайли ҳосилнинг кўп қисми қор тагида қолиб кетганлиги ва экин майдонларининг қисқариши билан изоҳланади.

Маълумот учун: Россияда 2020 йилда 2019 йилга (7,5 млн.тонна) нисбатан 11,3 фоизга кам ҳосил олинган.

Картошка нархининг барқарорлигини таъминлаш учун жорий йилда 51 минг гектар асосий ва 33 минг гектар такрорий майдонларга картошка (19 минг гектарга кўп) экилиши таъминланади.

Ўтган йилларда ички бозорда гўшт нархидаги тенденцияларни инобатга олган ҳолда жорий йилда нарх барқарорлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

2020 йилда гўшт импорти ҳажми 56,1 минг тоннани ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 марта ошган бўлса, жорий йилнинг 25 апрель ҳолатига 23,7 минг тонна гўшт (шу жумладан,

8,1 минг тонна мол гўшти, 15 минг тонна парранда гўшти) импорт қилиниб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2 марта ўсган.

Маълумот учун, Atameken Business маълумотига кўра Қозоғистон Республикасининг Акмолин ва Чимкент вилоятларидан Ўзбекистонга тирик чорва моллари ва гўшт маҳсулотларини келтириш бўйича 2020 йилда жорий қилинган чекловлар бекор қилиниб, маҳсулот етказиб бериш қайта тикланди. 

Ички бозорда гўшт маҳсулотлари нархининг барқраорлигини таъминлаш ва чорвачилик хўжаликларининг озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида жами 339,7 минг гектар асосий, 131,2 минг гектар лалми ва 176,4 минг гектар такрорий майдонларда озуқа (ўтган йилга нисбатан 132 минг гектарга кўп) етиштирилиши таъминланади.

Шунингдек, 2021 йилда чорвачилик йўналишида 1057 та, паррандачилик йўналишида 277 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 13,3 минг тонна гўшт, 608 минг тонна сут, 2,9 млрд.дона тухум ва 14 минг тонна парранда гўшти етиштирилади.

 

Iqtisodiy taraqqiyot va kambag'allikni qisqartirish vazirligi

Axborot xizmati